30.09.2019 7179

Сизларни 1 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг улуғ байрамларидан бири – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан Ташқи ишлар вазирлиги жамоаси номидан самимий табриклаймиз.

Ёш авлоднинг комил шахс бўлиб вояга етиши, унинг етук касб эгаси бўлиб жамиятда ўз ўрнини топишида устоз-муаллимларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоизки, Университетда малакали, етук илмий салоҳиятга эга, янгича фикрлайдиган маҳоратли, изланувчан, ўз касбининг билимдони бўлган устоз-мураббийларимиз, педагог ходимлар фаолият кўрсатиб келаётганлиги ҳар қанча эъзозу таҳсинга лойиқ.

Сиз тарбиялаган, чуқур билим бериб, тўғри йўл кўрсатган юзлаб талабаларингиз  вазирлик тизимида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда уларнинг айримлари масъулиятли лавозимларда - вазир ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси сифатида Ватанга, юртимизга ҳалол, виждонан хизмат қилаётгани билан фахрлансангиз ўринли. 

Фурсатдан фойдаланиб, барча муҳтарам Устозларга машаққатли ва масъулиятли фаолиятингизда омад ҳамда мустаҳкам соғлиқ тилаймиз.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, хонадонларингиздан файзу-барака аримасин!

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари
И.Неъматов