21.12.2019 7119

Президентимизнинг жорий йил 17-20 декабрь кунлари Японияга тарихий расмий ташрифи амалга оширилди. Сафар асносида бўлиб ўтган олий даражадаги сермаҳсул учрашув ва музокаралар, эришилган келишувлар, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳалардан ташқари муҳим бир воқеа юртимиз илмий ҳамжамиятининг қалбига чексиз ғурур ва ифтихор бағишлади, барчамизни чин дилдан қувонтирди.

Президентимизга дунё тан олган, 6 нафар Нобель мукофоти совриндорлари етишиб чиққан Япониянинг энг нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири – Нагоя университетининг фахрий докторлик илмий унвони тантанали равишда топширилди. 

Авваламбор, Нагоя университети билан фаол ҳамкорлик олиб бораётган республикамиздаги етакчи олий ўқув юрти сифатида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва илмий жамоаси номидан Президентимизни ушбу юксак унвон билан самимий муборакбод этамиз. 

Бу шарафли унвон билан тақдирланиш замирида сўнгги йилларда Ўзбекистонда илм-фан ва таълимни ривожлантиришга қаратилган тизимли ва пухта ўйланган фундаментал ёндашув, илмий ҳамжамиятга кўрсатилаётган ҳар томонлама эътибор ва рағбат, Ўзбекистон-Япония ўртасидаги узоқ муддатли ва анъанавий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга қўшилаётган мисли кўрилмаган ҳисса, қатъий сиёсий иродага эҳтиром мужассамдир. 

Дарҳақиқат, ўтган даврда 5 мингдан зиёд ёшларимиз Япония университетларини тамомлаб, ҳозирда олган ўз билим ва тажрибаларини Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига сафарбар этиб келмоқдалар. 

Аччиқ ҳақиқатни ҳам тан олиш керакки, муқаддам илмга эътибор кўрсатиш ишлари жуда заифлашиб, бутун бошли академиклар мактаби деярли йўқолиб кета бошлаган, илмий тадқиқотлар олиб бораётган ёшларга қўйилган ҳаддан ташқари бюрократик тўсиқлар, бир неча маротаба тартиб-қоидаларнинг асоссиз ўзгариши уларнинг ҳафсаласини пир қилган эди. 

Бинобарин, Давлатимиз раҳбари учун илм аҳлининг олижаноб ва залворли меҳнати, катта куч ва ғайрат талаб қиладиган мураккаб илмий изланишлар, фаннинг машаққат ва қийинчиликлари бегона эмас. 

Мазкур соҳа вакилларининг меҳнатини ҳар томонлама қадрлаб, олимларга маънавий кўмак ва чуқур ҳурмат-иззат кўрсатиш, уларга ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиш борасида ҳам оламшумул ишлар амалга оширилди. 

Энг аввало, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган истеъдодли талабалар ва магистрлар сонини 1,7 баробарга кўпайди, илмий даражалар берувчи кенгашлар сони салкам икки маротаба ортди. Икки мингдан зиёд профессор-ўқитувчиларимиз хориждаги энг илғор ва етакчи таълим даргоҳларида стажировка ўтиб ва малака ошириб қайтишди. Фан доктори илмий даражасига эга ходимларнинг маошлари қарийб уч ярим баробар ўсди. 

Охирги уч йилда Ўзбекистонда 36 та янги олий ўқув юртлари ташкил этилиб, институт ва университетларимиз умумий сони 116 тага етказилди, уларнинг моддий-техник базаси яхшиланди. Ҳозирда илм-фан секторида 360дан ортиқ муассаса бўлиб, 38 мингга яқин киши, жумладан 100дан ортиқ академик, 2560 нафар фан доктори, салкам 7600 нафар фан номзодлари илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари билан жиддий шуғулланмоқда, фаол изланишларни олиб бораяпти. 

Ёшлар академияси ташкил этилди. Бошқача қилиб айтганда, юқори технологияларни ўзлаштираётган, билимли, иқтидорли ва салоҳиятли ёшлар илм-фанга кўтаринки кайфият ва зўр иштиёқ билан қайта бошлади, улар қалбида янги умид чечаклари жўш урмоқда. Улар яқин истиқболда илдизи илм хазинасидан озиқланадиган мустаҳкам ва бақувват чинорлар бўлиб етишади. 

Инчинун, Ўзбекистонда инсон капиталига, таълим-тарбияга инвестиция киритиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу ниҳоятда салмоқли ютуқдир. Зеро, замонавий дунёда зиёлилари ардоқланадиган, фақат юксак илм-тафаккурга асосланган жамиятгина энг юқори тараққиёт марраларига эришади. Президентимиз бу борада ҳам барчамизга ибрат ва намуна бўлаётганлари, илмий жамоатчиликни ҳамиша уйғоқликка ва маънавий тетикликка чорлаётганлари ҳар қанча таҳсинга лойиқдир. 

Албатта, маросимда Юртбошимиз алоҳида таъкидлаганларидек, бу юксак унвон нафақат давлат раҳбарига, балки бутун ўзбек халқига, Ўзбекистон илмий ҳамжамиятига кўрсатилган чуқур эҳтиром ифодаси ҳамдир. 

Ташриф яна бир жиҳати билан ажралиб туради. Ташқи сиёсатимиз солномасида зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган янгилик содир бўлди. Эндиликда Ўзбекистоннинг Япония элчихонасида замонавий дипломатия соҳасида мутлақо янги – таълим ва илм фан бўйича маслаҳатчи-вакил лавозими жорий этилди. 

Бу вақт синовларидан ўтган, ўзаро ҳурмат ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги таълим бўйича ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштиришга туртки бўлиши шубҳасиз. 

Гулноза ИСМАИЛОВА,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия
университети проректори,
юридик фанлари доктори.

Манба: ЎзА