14.12.2022 1225

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 июлдаги “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-330-сонли қарори билан Университетга “Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари”, “Жаҳон иқтисодиёти”, “Халқаро ҳуқуқ” ихтисосликлари бўйича илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар тузиш ва уларнинг таркибини тасдиқлаш ҳамда мазкур илмий кенгашларга талабгорларни илмий даражаларга мустақил тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилиш” ваколати берилган. 

Мазкур қарор ижроси юзасидан 2022 йил 25 август куни ЖИДУ Илмий кенгашининг 1-сонли кенгашида 23.00.04 – Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари, 08.00.09 – Жаҳон иқтисодиёти ва 12.00.20 – Халқаро ҳуқуқ ихтисосликлари бўйича  илмий даражалар берувчи Илмий кенгашлар тузилди ва уларнинг таркиблари тасдиқланди. ЖИДУ Илмий кенгашининг 2022 йил 30 ноябрдаги 4-сонли мажлисида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг мустақил илмий даражалар берувчи Илмий кенгашлари тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги 23.00.04 – Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари ихтисослиги бўйича илмий даражалар берувчи Илмий кенгашининг 2022 йил 6 декабрдаги мажлисида ЖИДУ мустақил изланувчиси Раҳматов Лазиз Хасановичнинг сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертацияси ҳимояга қабул қилинди.

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Марказий Осиё нефть ва газ захиралари учун жаҳон куч марказларининг геосиёсий рақобати”, 23.00.04 – Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари ихтисослиги (сиёсий фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: ОАК Бюллетени, В2017.2.PhD/Siyos49.

Илмий раҳбар: Жўраев Қодир Асадович, сиёсий фанлари доктори, доцент.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса ва ИК номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги 23.00.04 – Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари (сиёсий фанлар) ихтисослиги бўйича илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш.

Расмий оппонентлар: Сеитов Азамат Пулатович, социология фанлари доктори, профессор; Якубов Бахтиёр Султонназирович,  сиёсий фанлар доктори.

Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.

 

II. Тадқиқотнинг мақсади: Марказий Осиёдаги нефть ва газ захиралари учун халқаро рақобат кучайиши шароитида Ўзбекистон Республикасининг энергетик дипломатияси самарадорлигини ошириш ва энергетик хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

 

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги.

Замонавий босқичда РФ, ХХР, ЕИ ва АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегик манфаатларини комплекс таҳлил қилиш, хусусан, уларнинг минтақадаги энергетик сиёсати ва мақсадларининг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш орқали Марказий Осиёнинг жаҳон геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнларидаги муҳим ўрни ва аҳамияти илмий жиҳатдан очиб берилган;

Марказий Осиёнинг халқаро геосиёсий таъсири ва унинг стратегик табиий газ ва нефть ресурслари ўртасидаги узвий боғлиқлигини таҳлил қилиш ҳамда тизимли ёндашув орқали асослаб берилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг баъзи концептуал масалаларини ишлаб чиқишда қўлланилган;

Марказий Осиёда энергетика соҳасида ягона минтақавий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон орқали ўтадиган нефть ва газ транзит йўлакларини ривожлантириш заруриятини кўрсатувчи омиллар аниқланиб, минтақавий олий ва юқори даражадаги музокаралар тезисларида фойдаланиш учун тавсия этилган;

Марказий Осиёда геосиёсий плюрализм тамойили асосида углеводород ресурслари жаҳон куч марказлари томонидан тақсимланиши нафақат энергетик бозорни самарали диверсификация қилишнинг, балки минтақада узоқ муддатли барқарор тараққиёт ҳамда ташқи кучлар таъсири мувозанатини таъминлашнинг муҳим шарти экани илмий жиҳатдан асослаб берилган.

 

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 

РФ, ХХР, ЕИ ва АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегик манфаатларини комплекс таҳлил қилиш ва замонавий босқичда уларнинг бу ердаги энергетик сиёсатининг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш орқали минтақанинг жаҳон геоиқтисодий жараёнларидаги муҳим ўрни ва аҳамияти илмий жиҳатдан очиб берилиши билан боғлиқ хулосалар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи ва учинчи Маслаҳат учрашувлари (2019 ва 2021 йй.), “Марказий Осиё – Ҳиндистон” (2022 й.), “Марказий Осиё – Хитой” (2022 й.) форматидаги онлайн саммитларга оид ахборот-таҳлилий материалларда фойдаланилган (Марказий Осиё халқаро институтининг 2022 йил 7 майдаги 01/239-сонли маълумотномаси). Ушбу илмий хулоса Марказий Осиё давлатларининг глобал куч марказлари билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича стратегик дастур ва режаларини ишлаб чиқишга хизмат қилди;

Марказий Осиёнинг халқаро геосиёсий таъсири ҳамда унинг стратегик табиий газ ва нефть ресурслари ўртасидаги узвий боғлиқлигини таҳлил қилиш ҳамда тизимли ёндашувлар орқали асослаб берилиши янгиланган “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолият концепцияси” лойиҳасини ишлаб чиқишда қўлланилди (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлилий марказининг 2022 йил 3 июндаги 01/58-сонли маълумотномаси). Ушбу хулоса энергия ресурсларини самарали геосиёсий восита сифатида қўллашнинг ҳуқуқий ва концептуал асосларини яратишга ҳисса қўшди;

Марказий Осиёда энергетика соҳасида умумий минтақавий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон орқали ўтадиган нефть ва газ транзит йўлакларини ривожлантириш заруриятини кўрсатувчи омилларнинг аниқланиши 2021 йил 30 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик 2030” (P4G) иккинчи халқаро саммитидаги нутқи тезислари; 2021 йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция материаллари; 2021 йил ноябрда Глазго шаҳрида (Шотландия) бўлиб ўтган Иқлим ўзгаришлари бўйича БМТнинг Ҳадли конвенцияси иштирокчи мамлакатлари конференцияси 26-сессиясида Ўзбекистон вакилларининг тегишли маърузаси; Туркия Республикаси Президенти Р.Т.Эрдоғаннинг 2022 йил 29-30 март кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросимидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тантанали нутқларини тайёрлаш жараёнида қўлланилди (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг 2022 йил 12 майдаги 03-1/421-сонли маълумотномаси).

Бу таклиф миллий, минтақавий ва минтақалараро энергетика ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва янги трансмиллий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган бошқарув қарорларини ишлаб чиқишга хизмат қилди;

Марказий Осиёда геосиёсий плюрализм тамойили асосида углеводород ресурслари жаҳон куч марказлари iтомонидан тақсимланиши нафақат энергетик бозорни самарали диверсификация қилишнинг, балки минтақада узоқ муддатли барқарор тараққиёт ва ташқи кучларнинг таъсири мувозанатини таъминлашнинг муҳим шарти тўғрисидаги илмий хулоса Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ахборот-таҳлилий материалларида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлигининг 2022 йил 7 майдаги 120/22-сонли маълумотномаси). Бу хулоса энергетика геосиёсати, энергетика дипломатияси, Ўзбекистонда энергетика соҳасида халқаро ҳамкорлар ва шериклар билан олиб борилаётган ишларни такомиллаштиришга хизмат қилди.